1 сентябрь куни Осиё ўйинлари 2018 доирасидаги eSports беллашувларининг сўнгги куни бўлди. Ҳозирча бу мусобақа Осиё ўйинларида илк маротаба ташкил этилганлиги боис, синов тариқасида ўтказилди ва норасмий медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринни Хитой терма жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни бир хил натижа қайд этган мезбон Индонезия ва Жанубий Корея мамлакат вакиллари банд этишган бўлса, 3-ўринни Гонг Конг ва Япония бўлишиб олишди.

26-августдан 1-сентябрга қадар бўлиб ўтган турнирда 6 та йўналиш (ўйин) бўйича баҳслар олиб борилди: Arena of Valor, Clash Royale, Hearthstone, League of Legends, Pro Evolution Soccer, Starcraft II.

Asian Electronic Sports Federation (AESF) таркибидаги 45 федерация иштирокида 30-август куни йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Esports Uzbekistan вакиллари ҳам қатнашди. Бир қатор янги шартномалар ва келишувларга эришилди, жумладан, AESF президенти Кеннет Фок Uzbekistan Esports Federation президенти Азиз Паттахов билан учрашди. Учрашув давомида Марказий Осиёда электрон спорт ўйинларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик киберспортчилар 2007-2013 йиллардаги мусобақалар давомида анча омадли иштирок этишган. Бироқ, сўнгги натижалар қониқарсиз бўлганлиги боис, эндиликда янги, катта стратегик мақсадлар асосида Esports Uzbekistan тараққиёт йўлига катта қадам қўймоқда.

Федерациямиз президенти Азиз Паттахов фурсатдан фойдаланиб, Саудия Арабистони электрон спорт ўйинлари Федерацияси президенти Шаҳзода Файсал бин Бандар бин Султан ал Сауд билан учрашди ва икки мамлакатда ҳам Esports соҳасини янада ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги мусобақаларда AESF нуфузини муносиб ҳимоя қилиш ҳусусида келишувларга эришилди. Ҳиндистон eSports Федерация президенти ҳам Азиз Паттахов билан турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олди.

Esports Uzbekistan Жакартадаги сафар давомида кўплаб янги келишувларга эришди, катта лойиҳалар учун мотивация олди, халқаро тажриба алмашди. Юртимиздаги барча eSports мухлисларини Федерация қўллаб қувватлайди, ички биринчиликдаги энг кучлиларни Осиё ва халқаро турнирларда иштирок этишларини таъминлайди. Барчангизни Федерация аъзолигига таклиф этиб қоламиз!

Published
Views 286

Comments

No Comments

Leave a Reply